Янгиликлар
Карантин даврида амал қилиш муддати тугайдиган ҳужжатлар
Хабарингиз бор Республика махсус комиссияси томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирга қадар жорий этилган барча чекловлар 2020 йилнинг 10 майига қадар узайтирилди.
Бугунги кунда барча мамлакатлар ва халқларнинг ягона мақсади короновирус тарқалишини олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдир.
Ўзбекистонда ҳам кўплаб давлатлардаги каби карантин билан боғлиқ қатъий чеклов чоралари жорий этилган ҳолда карантин вазиятида қулайлик яратиш мақсадида қуйида жорий этилган тартиблар ҳақида ҳам тўхталсак:
1. Йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ барча лицензиялар бўйича ариза қабул қилиш ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш 2020 йил 10 майгача қадар вақтинча тўхтатилади.
2. Хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари жорий йил 1 июнгача автоматик тарзда узайтирилди.
3. Карантин даврида муддати тугайдиган барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар) ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, автотранспорт воситалари учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, транспортни бошқариш учун ишончнома, транспорт воситасини (қайта) рўйхатдан ўтказганликни ҳамда техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди.
4. Нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилади.
Шунингдек:
- Карантин даврида фақатгина банк пластик карталарига ўтказиш тартиби белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссион тўловларни ундирмаслик тартиби жорий этилади.
- Етказиб бериш хизматини кўрсатувчи лицензиясига эга бўлган, йўналишсиз таксилар ҳайдовчилари “махсус комбенизон” (шахсий химоя кийими), тиббий қўлқоп ва ниқобларда фаолият олиб бориши лозим.
- Ноозиқ-овқат буюмлар (кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар) савдосига сайёр савдо нуқталари орқали санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ижтимоий масофа (2 метр) сақланиши ҳамда бошқа санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши мажбурий.
- Деҳқон бозорларида, шу жумладан бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақлаган ҳолда “зигзаг” тартиби (қувурлар, бантлар ва бошқа шу каби тўсиқлар орқали) ташкил этилади.
- Ҳар бир бозорга киришда “дезинфекция туннели” ва “санитария пост”лари, дезинфекция гуруҳлари ташкил этилиб, улар бозор ҳудудида карантин чоралари талабларига риоя этилишини таъминлаб боради.
- Электрон рақамли имзо калитини масофадан туриб олиш механизми жорий этилади.
Ушбу тартиблар фуқаролар ва тадбиркорларга карантин даврида енгиллик яратиш мақсадида жорий этилган бўлиб, ҳар биримизнинг юртимизда давлат томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирларга монанд равишда тавсия этилаётган тиббий ва карантин талабларига қатъий риоя қилишимиз олдимизда турган хавотирли вазиятдан эсон-омон ўтишимизнинг энг асосий омилидир.
Зеро, юртбошимизни таъбири билан айтганда,
“Мамлакатимизда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Биз вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ишимизни бошқа шаклда ташкил этяпмиз.
Албатта, биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда элимизнинг соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз.
Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз.
Кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз”.
Музработ туман адлия бўлими бошлиғи Д.Йўлдошева