Янгиликлар
Сурхондарё вилоятида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз фаолиятини тўлиқ бошлади
Юртимизда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, нотариал хизматлар кўрсатишнинг тезкорлигини ошириш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, жумладан хусусий мулк эгалари ўз мулкини эркин тасарруф этиши ва ундан фойдаланишида ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича қатор мақсадли вазифаларни амалга ошириш замон талабларидан бири бўлиб қолган эди.
Шу мақсадда, Президентимизнинг 2019 йил 9 сентябрдаги 5816-сон Фармонига асосан 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш, яъни хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, ҳамда қонун ҳужжатларига асосланиб Адлия бошқармаси томонидан берилган лицензияларга кўра ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида 38 нафар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иш фаолиятини бошлади ҳамда вилоят Адлия бошқармаси ва Нотариал Палата вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан уларнинг самарали фаолият юритишларида амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.
Фармон талабларига кўра 2020 йил давомида барча давлат нотариал идораларини босқичма-бочқич хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сифатида ташкил қилиш режалаштирилган.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар Нотариал палата ҳудудий бошқармасига аъзо бўлгандан сўнг ўз фаолиятини бошлайди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар нотариал ҳаракатлар учун Пуллик хизматлар миқдори ва нотариуснинг иш кунлари хусусий нотариуснинг ўзи томонидан белгиланади.
2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш белгиланган.
Ушбу фармонга кўра, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ташкил этилгунига қадар давлат нотариал идоралари ўз фаолиятини давом эттиради;
нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат нотариал идоралар нотариусларининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанади;
нодавлат нотариал идораларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш ҳудудий адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди.
Шу қаторда вилоятимизда ҳам Нотариал Палата ҳудудий бошқармаси Сурхондарё вилоят Адлия бошқармаси томонидан рўйхатга олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, 2020 йил 1 январдан мол-мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда қуйидаги талаблар бекор қилинди: яъни
- қурилиши тугалланмаган уй-жойларни бошқа шахсга ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш;
- васийликдаги шахс номидан мол-мулкларни ижара (аренда)га беришда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатини олиш (бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор этиш шарти билан).
Қуйидаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди:
- 2019 йил 1 октябрдан — транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани тасдиқлаш;
- 2020 йил 1 январдан - юридик шахсларнинг, хусусан банк ва бошқа кредит ташкилотларининг корхонани ижара ва текин фойдаланишга бериш ҳамда бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олишда ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини. Бунда, гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади.
2020 йил 1 январдан қуйидаги нотариал ҳаракатлар жорий этилди:
- фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш (гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олиш, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ва гувоҳлантириш, экспертиза тайинлаш, Интернет тармоғидаги фактларни тасдиқлаш);
- фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, шу жумладан мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш;
- яратилган муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.
- Бундан ташқари, битимлар бўйича тарафларнинг тўлов мажбуриятларини бажариши ихтиёрий равишда нотариус депозити орқали амалга оширилади. Бунда кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда муайян қарздорликлар аниқланганда, уларни тегишли маблағни нотариус депозитига ўтказиш орқали тўлаш ёки уларнинг асослилигини текшириш имконияти мавжуд бўлади;
- битимларни нотариал тасдиқлашни тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб хизмат кўрсатиш орқали видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш имконияти яратилади;
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки нотариал идорага мурожаат қилувчиларнинг навбат кутиб туриши камаймоқда, шунингдек, нотариуслар аввал фойдаланиб келган инвентар буюмлари (компьютер, принтер ва бошқа техник жиҳозлар) нотариусларнинг истакларига кўра уларга арзон баҳода сотилмоқда, фаолиятини бошлаётган бино эса ижарага берилиб, нотариусниннг эркин ва мустақил ишлашига шароит яратиб берилмоқда, бу билан нотариуснинг моддий манфаатдорлиги ортмоқда ва шу билан биргаликда қонун ҳужжатларига кўра нотариусларнинг жавобгарлиги янада кучайтирилганлиги айтиб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга кўра Йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.
Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.Аллаёров