Янгиликлар
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қўллаб қувватланиши.
Бизга маълумки бутун жаҳон бўйича тарқалган коронавирус пандемияси деярли барча давлатларда ва барча соҳаларда ўзининг оғир оқибатларини келтириб чиқармоқда. Бунинг учун эса мамлакатимизда ҳам керакли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978 сонли Фармони қабул қилинди.
Фармон коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб,унга кўра 2020 йил 31 декабрга қадар Фармонда келтирилган рўйхати товарларни олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланди. Шунингдек, жорий йилнинг март — июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттирилиши ҳамда ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши кўрсатиб ўтилди.
Фармоннинг 3-бандига кўра, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилади.
Бундан ташқари, мазкур Фармон билан мамлакатимиздаги туризм соҳаси билан боғлиқ йўналишда қўллаб-қувватланиши қайд этилган. Унда, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, «Uzbekistan Airways» АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, «Uzbekistan Airports» АЖ ва «Ўзаэронавигация маркази» ДУК юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди ва ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаши белгиланди.
Фармонда шунингдек, товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга эканлиги ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилиши кўрсатилган. Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилсин, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмаслиги кўрсатилган.
Фармоннинг 6-бандида қайд этилишича, ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан, ижтимоий солиқ бўйича — уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқига эга.
Жорий йилнинг охирига қадар спирт, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан вино ва пиво учун акциз солиғи, шунингдек, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари сақланиб қолинди ва 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилди.
Фармон 15-бандига кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилади. Шунингдек, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилади, акционерларнинг 2019 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилишларини 2020 йил 1 октябргача муддатда, видеоконференцалоқа режимида ўтказишга рухсат берилади ва активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларни ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича талаб 2020 йил якунлари бўйича киритилади. Карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилади. 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилади. Жорий йил якунига қадар қарз берувчига фоиз шаклида даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз (қайтариб бериладиган молиявий кўмак) тақдим этилганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси (асосий ставка) асосида аниқланадиган даромад айланмадан олинадиган солиқ ҳамда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди ва ўз навбатида солиққа тортилмайди. Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади.
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил 31 декабргача муддатга божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилади ва коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмайди.
Коронавирус пандемияси даврида Республикамизда аҳолини ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимиз 2020 йил 27 апрелда имзолаган ПФ-5986 сон Фармони бўлди.
Мазкур Фармон коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож катламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, Фармоннинг 3-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг пенсиялар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган, ортиқча тўланган пенсиялар бўйича 2020 йил 20 апрель ҳолатига пенсионерларнинг қарздорлик суммасини ҳисобдан чиқариш белгиланди.
Кейинги қабул қилинган Президентимиз Фармони “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 18 майдаги ПФ-5996 сонли Фармонидир.
Мазкур Фармон коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб,
унга кўра кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди.
Фармон 2-бандига кўра Кичик тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон фармонларига асосан фоизсиз кечиктириш (бўлиб бўлиб тўлаш) берилган, 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари;
2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларини ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тақдим этилди.
Фармон 3-бандига кўра
тадбиркорлик субъектларига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича 120 кун муддатгача кечиктириш олиш ҳуқуқи берилди.
Божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан берилди.
Фармон 4-бандига кўра
2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди.
Фармон 5-бандига кўра, микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилди.
Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига микрофирма ва кичик корхоналарнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва ўтказиш бўйича инкассо топшириқномаларини чақириб олиши белгиланди.
Микрофирма ва кичик корхоналарга 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқи берилди.
Фармон 7-бандига кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилиши белгиланди.
Юқорида қайд этиб ўтилган Фармонлар ижроси юзасидан фуқароларнинг ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олишга оид ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йил 1 июндан 1 июлга қадар Акция ташкил этилган. Акцияда иштирок этиш учун ушбу хавола орқали мурожаат йўллаш мумкин.
Бандихон туман адлия бўлими
бошлиғи Рустам Хуррамов