Янгиликлар
Ўқишга жойлаштирмоқчи бўлган фирибгар қўлга тушди.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг, мамлакатимиз жадал қадамлар билан дунё миқёсидаги ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашга ҳаракат қилиб келмоқда. Шў ўринда давлатимизнинг ривожланишида етук кадрларни ўрни беқиёсдир. Бунинг учун олий маълумот берадиган даргоҳларда таҳсил олиш асосий таянчдир . Шундай экан ҳар бир инсон олий маълумотли бўлиш йўлида катта машаққатлар чекади.Бунинг аксини ҳам қиладиганлар афсуски орамизда топилади. Бундайлар қинғир йўллар билан бўлсада шу билим даргоҳларига киришни хоҳлайдилар. Ўз навбатида фирибгарларнинг тузоғига қандай илинганликларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Суд амалиётида шу нарса маълумки, баъзи бир фирибгарлар олий ўқув юртларига, нуфузли идораларга, мисол учун ИИБ, ДСИ, Прокуратура ва бошқа соҳаларга ишга жойлаштираман ёки ўқишга киритиб қўяман деб, ҳуқуқий саводхонлиги етарли бўлмаган баъзи фуқароларни, алдаб, ишончига кириб, пул ёки бошқа моддий қимматликларни қўлга киритиб,фирибгарлик жиноятини содир этмоқдалар.
Бунга мисол тариқасида судланувчи Музаффаров Бекмурат (ИФ ўзгартирилган), фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2019 йил июль ойида Жарқўрғон туман “Нурли диёр” маҳалласида яшовчи Ибрагимова Жумагул (ИФ ўзгартирилган) билан учрашиб унга қизи Ражабова Улхонни Сурхондарё вилоят ИИБда ишловчи ўзининг таниши орқали гуёки унга пора тариқасида моддий қимматликлар бериш йули билан Термиз Давлат Университетига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилгани холда уни алдаб ишончига кириб, бу билан мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш жиноятини содир этилишига А.Ибрагимовани қизиқтириб, далолатчилик қилиб, 2019 йил 9 август куни Термиз шахар “Алпомиш” маҳалласи худудида жойлашган “Фередун” номли кафе ёнида Ж.Ибрагимованинг пластик карточкасида булган жами 3.900.000 сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эхтиёжларига сарфлаб юборган.
Ушбу жиноят иши 2020 йил февраль ойининг 11 куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб Музаффаров Бекмурат (ИФ ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси 2-қисмига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолган холда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Музработ туман адлия бўлими
Жиноят ишлари бўйича Музработ
туман судининг судья ёрдамчиси Д.Шеранов