Янгиликлар
Одам савдосига қарши биргаликда курашамиз
30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни сифатида бугунги кунда аср муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш нафақат маҳаллий, балки халқаро даражадаги инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашдаги асосий масалалардан бири эканлигини кўрсатади.
Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Мазкур жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Айниқса, бошқа давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда.
Мамлакатимизда ҳам бу иллатни олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай, айрим фуқароларимиз одам савдоси қурбонига айланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, республикамизда одам савдосини олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида кўплаб ишлар амалга ошириб келинган.
Хусусан, Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилган ҳамда 2008 йилнинг 17 апрелида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.
Сўнгги йилларда ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилган ҳолда одам савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шулар жумласидандир.
Бу борада, одам савдоси қурбонларини аниқлаган ҳолда уларни ҳимоя қилиш ҳамда уларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, куни кеча “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрирда) (ЎРҚ-633, 17.08.2020 й.) Президент томонидан имзоланди (Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот каналида маълум қилинди).
Қонунда одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилиниши белгиланди.
Шунингдек, Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ҳам белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;
- вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;
- ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;
- ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни.
Бундан ташқари, мазкур янги таҳрирдаги Қонунда одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.
Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ҳар биримизнинг устувор мақсадимиз бўлган ҳолда одам савдоси каби иллатнинг фаровон ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, бу борада аҳолимизнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш адлия органларининг асосий вазифаларидан биридир.
Музработ туман адлия бўлими бошлиғи
Дилдора Йўлдошева