Янгиликлар
Қонун ҳужжати ижроси ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4546-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан талаб қилиниши, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилишига йўл қўйилмайдиган 28 турдаги ҳужжатлар рўйхати тасдиқланган.
Лекин, ўтказилаётган ўрганишларда айрим давлат органлари томонидан ҳозирги вақтда ҳам маҳалла фуқаролар йиғинларидан турли маълумотномалар талаб этилаётганлиги кузатилмоқда.
Хусусан, юқорида кўрсатилган рўйхатда дафн ўтказилганлиги ҳолатини тасдиқлаш учун маълумотнома берилиши ҳам тақиқланган бўлсада, Музработ тумани ИИБ томонидан “Юртим жамоли” маҳалла фуқаролар йиғинидан фуқаро А.нинг дафн ўтказилганлиги ҳолатини тасдиқлаш учун билдириш шаклидаги маълумотнома талаб қилиб олинган.
Қарорга асосан яшовчи шахслар сонини тасдиқлайдиган маълумотнома берилиши мумкин бўлмасада, Олтинсой тумани газ таъминот идорасида ўтказилган мониторингда “Хидиршо”, “Сайрак”, “Янги қурилиш” маҳалла фуқаролари йиғинларидан фуқароларнинг оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома сўраб олинганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги каби ҳолатларга бошқа туманларда ҳам йўл қўйилганлиги аниқланиб, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Адлия органлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича доимий равишда ўрганиш ҳамда мониторинг ишлари олиб борилиб, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўриб борилмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада
ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш
бўлими бошлиғи Б.Гаффаров