Янгиликлар
Янгилик: ишсизлик нафақаси миқдорлари оширилмоқда
2020 йилнинг 20 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Бу билан аҳолининг бандлигини таъминлашга оид қуйидаги қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди. Жумладан:
• аҳоли бандлигини рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидия, грант ва кредитлар ажратиш;
• ҳар йили иш ўринларини ташкил этишга доир давлат бюртмасини шакллантириш;
• маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар турлари;
• иш қидираёган шахсларни маҳаллий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби;
• “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини юритиш;
• меҳнат стажини электрон тарзда ҳисобга олиш.
Шунингдек, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланиши белгиланди. Бу ҳозирги, амалдаги қонунчилик бўйича, ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга 13 ҳафта, бошқа тоифадагиларга эса 26 ҳафта мобайнида тўланиб келинмоқда.
Бундан ташқари, мазкур қонунга кўра, ишсизлик нафақаси миқдори қуйидагича тартибларда оширилади:
Биринчидан, ишдан ва иш ҳақидан, яъни меҳнат даромадидан сўнгги
12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга – аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ)дан оз бўлмаган миқдорда оширилади. Аммо бу амалдаги қонунчиликка кўра, ҳозирда МҲЭКМнинг 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорда тўланади.
Иккинчидан, ишдан ва иш ҳақидан, яъни меҳнат даромадидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ, яъни 1 йилдан ортиқ танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – МҲЭКМнинг
1 баравари миқдорида оширилади. Лекин, бу амалдаги қонунчиликка кўра, ҳозирда МҲЭКМнинг 26,5 ва 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорларда тўланади.
Учинчидан, илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга – МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида оширилади. Бироқ, бу амалдаги қонунчиликка кўра, айни вақтда МҲЭКМнинг камида 26,5 фоизи миқдорида тўланади.
Эслатма: мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Маълумот учун: ҳозирги кунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) – 679 330 сўмни ташкил қилади.
С.Абраев,
3-даражали юрист,
Қизириқ туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси