Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Ер участкалари бўйича етказилган зарар ўрнини қоплаш тартибига риоя этилиши аҳволи


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя этилиши аҳволи таҳлил қилинганида қуйидагилар аниқланди.

2019 йилда туман ҳокимликларининг қарорларига асосан 2 470 нафар фермер хўжаликларининг, 1 та қишлоқ хўжалиги кооперативининг, 19 та тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларининг, 191 нафар бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг, 2020 йил 6 ойи давомида 659 нафар нафар фермер хўжаликларининг, 7 та қишлоқ хўжалиги кооперативларининг, 24 та тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларининг, 169 нафар бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкалари захирага қайтариб олинган.

Низомга асосан ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарлари ер участкасини танлаш босқичида аниқланиши, ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар томонидан кўриб чиқилиши ҳамда ер участкаларини танлаш ва ажратиш материаллари билан биргаликда давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар янги эгага, фойдаланувчига ва ижарачига топширилгунига қадар қопланиши лозим.

Бироқ, 2019 йилда ҳамда 2020 йилнинг 6 ойида ҳокимлик ҳузуридаги ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия йиғилишларида ер участкаларини олиб қўйиш натижасида етказилган зарарлар ўрнини қоплаш масалалари кўриб чиқилмаган ҳамда баҳолаш ташкилотини жалб этилиши таъминланмаган.

Хусусан, Денов туман ҳокимининг 2020 йил 15 июндаги 546-сон қарорига асосан “Қизилжар Намуна” фермер хўжалигининг жами 63,45 гектар ер майдони ҳокимлик захирасига олинган ҳамда пахта-ғалла йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун танловга қўйилган.

Ушбу фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер ижара шартномаси бекор қилиниб, ер участкаси ҳокимлик захирасига қайтарилган даврда фермер хўжалиги томонидан 25 гектар ер майдонида пахта экиш ва парваришлаш учун моддий ресурслар сарфланган бўлиб, фермер хўжалиги томонидан қилинган харажатларни қоплаб бериш масаласи муҳокама қилинмаган.

Термиз туман ҳокимининг 2020 йил 30 мартдаги 368-сон қарорига асосан “Асилбек Янгиариқ” фермер хўжалигининг жами 38,4 гектар ер майдони ҳокимлик захирасига олинган ҳамда пахта-ғалла йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун танловга қўйилган.

Ушбу фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси бекор қилиниб, ер участкасини ҳокимлик захирасига қайтарилган даврда фермер хўжалиги томонидан 7 гектар ер майдонида пахта экиш ва парваришлаш учун моддий ресурслар сарфланган бўлиб, фермер хўжалиги томонидан қилинган харажатларни қоплаб бериш масаласи муҳокама қилинмаган.

Бу каби ҳолатлар фермер хўжалигига тегишли ер участкаларини захирага қайтариш тўғрисида чиқарилган барча қарорларда такрорланган.

Судларнинг қарорларига асосан 2019 йилда 47 та, 2020 йилнинг 6 ойи давомида 346 та ер участкалари захирага қайтарилган.

Ерларни захирага қайтариш бўйича чиқарилган суд ҳужжатларида етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда миқдорини қоплаб бериш назарда тутилмаган.

Низомда ер участкаларини ёки уларнинг бир қисмини олиб қўйишда, ҳақ тўлаб олишда ёки вақтинча эгаллаб турилганда мева-резавор, иҳота дарахтлари ва бошқа кўп йиллик дарахтлар қиймати қопланади деб белгиланган.

Туман ҳокимликлари томонидан боғдорчилик учун ажратилган ер участкаларини захирага қайтаришда мева-резавор, иҳота дарахтлари ва бошқа кўп йиллик дарахтлар қийматини қоплаш муҳокама қилинмаган.

Хусусан, Денов туман ҳокимлиги томонидан 2019 йилда 213 та, 2020 йилда 19 та боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фойдаланишида бўлган боғ ва узумзорлар ҳокимлик қарорларига асосан захирага қайтарилган бўлсада, мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаб бериш чоралари кўриллмаган.

Жумладан, “Хазарбоғ” СИУ ҳудудидаги “Акром Агро Денов” боғдорчилик фермер хўжалигининг 1 гектар узумзори туман ҳокимининг 20.05.2020 йилдаги 453-сон қарорига асосан ҳокимлик захирасига олинган бўлсада, ушбу ер участкасидаги узумзорнинг қиймати қоплаб берилмаган.

 

Ижтимоий-иқтисодий соҳада

ҳуқуқни қўллаш амалиётини

ўрганиш бўлими бошлиғи Б.Гаффаров