Янгиликлар
Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси фаолияти бўйича
Адлия бошқармаси томонидан Сурхондарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти, маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилиши, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлиги аҳволи ўрганилди ва қуйидагилар аниқланди.
Меҳнат кодексининг 148-моддаси, иккинчи қисмига кўра таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилиши лозим.
Бироқ, бошқарма томонидан Меҳнат кодексининг ушбу талаби мунтазам равишда бузилишига йўл қўйилган.
Хусусан, бошқарманинг автомобиль йўлларини транспорт, механизация ҳамда техник таъминлаш бўлими бош мутахассиси бошқарма бошлиғининг 2019 йил 31 октябрдаги 104-сонли буйруғига асосан 2019 йилнинг 1 ноябрдан 25 ноябрига қадар меҳнат таътилида бўлган бўлсада, таътил учун ҳақ 2019 йил 3 декабрь куни 1 ой кечикиб тўланган.
Худди шу каби ҳолатлар 2019 йилда 29 та, 2020 йилда 23 та ҳолатда такрорланган.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш орқали фаолиятининг очиқлигини таъминлайди деб белгиланган бўлсада, бошқарма томонидан ушбу талабга риоя этилмаган.
Бошқарманинг веб-сайти ҳозирга қадар мавжуд эмас.
Шунингдек, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 10-моддасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин деб белгиланган бўлсада, бошқарма томонидан ушбу қонуннинг мазкур талаби қўпол равишда бузилиб, ҳисоботлар Қўмитага рус тилида тақдим этиб келинмоқда.
Хусусан, техник кузатиш ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлими томонидан Қўмитага тақдим этиладиган ЗД-1, ЗД-2, 2Д, Ф-2-Д, 7Д, 7-Д шаклдаги ҳисоботлар мунтазам равишда рус тилида тўлдириб келинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомнинг 20-бандида мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма:
таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;
мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида давлат органи, ташкилоти раҳбарини дарҳол хабардор қилади;
мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда давлат органи, ташкилоти раҳбарига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган давлат органи, ташкилоти ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади деб белгиланган.
Бироқ, бошқармага келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилиши юзасидан мониторинг ўтказиш, ўтказилган мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда ташкилоти раҳбарига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборот берииш ишлари амалга оширилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарори бидан тасдиқланган Бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича "Йўл харитаси"га асосан ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг биринчи раҳбари томонидан ўз фаолияти юзасидан ярим йиллик ва йил якуни бўйича жамоатчилик олдида ҳисобот берилиши ва уларни расмий веб-сайтларда жойлаштириши лозим бўлсада, ўрганиш кунига қадар бошқарма бошлиғи ўз фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида ҳисобот бермаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 июлдаги 584-сон қарорининг 1-иловаси бўйича вилоят ҳудудидагиумумий фойдаланишдаги йўлларда 2019 йилда 3 582 та йўл белгиси ўрнатиш белгиланган бўлсада, амалда 2726 та йўл бўлгилари ўрнатилган (белгиланган режадан 856 та кам).
Ўрганиш давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада
ҳуқуқни қўллаш амалиётини
ўрганиш бўлими бошлиғи Б.Гаффаров