Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Одам савдоси қурбонига айланманг!


Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий ва кўп томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солувчи уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўз чегарасига асосан ёшларни, аёлларни тортаётганлиги билан дунё ҳамжамиятида катта ташвиш уйғотмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳам одам савдосини олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳусусан 2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг чораларини ўз ичига олди.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишдир.

Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли ва таҳқирловчи туридир. Таҳқирланиш шунда намоён бўладики, мазкур жиноят қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Бундан ташқари, инсонни эксплуатация қилиш, инсонни “товар” сифатида сотиш, инсон омиллларидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғлиқлиги сабабли таҳқирловчи мазмун-моҳият касб этади.

Бу курашнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган Президентимизнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Республика Идоралараро комиссияси тузилди, миллий тадбирлар режаси тасдиқланди.

Қонунда бевосита одам савдоси жинояти тушунчаси, одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари фаолияти, айниқса одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари алоҳида эътиборга олинган. Қонунда мазкур жиноятдан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш, мазкур шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, ишга жойлаштириш, вақтинчалик турар жой бериш масалалари алоҳида назарда тутилган.

Одам савдосига қарши курашиш қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик, ижтимоий ҳамкорлик, ижтимоий ҳимоялаш каби принципларга асосланади.

Хорижий экспертларнинг таҳлиллари натижасида нолегал меҳнат миграциясининг бир неча йирик йўналишлари мавжудлиги исботланган. Булар: Шарқий Европа ва Африка мамлакатларидан Ғарбий Европага, Марказий ва Жанубий Америкадан АҚШ ва Канадага, Жануби-шарқий Осиё ва Ҳиндихитой ярим оролидан Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга, Марказий Осиё мамлакатларидан Россия ва Форс кўрфази мамлакатларига борадиган йўналишлардир.

Вена шаҳрида (Австрия) ўтказилган одам савдосига қарши курашиш мавзусидаги халқаро конференцияда келтирилган маълумотларга қараганда, ҳар йили 2,7 миллион нафарга яқин шахс бу жиноятнинг қурбонига айланмоқда ва уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда. Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси муаммолари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Айрим шахслар ишлаш учун норасмий равишда бошқа мамлакатларга йўл олмоқдалар. Бу эса одам савдоси билан шуғулланиб бойлик орттириш умидида юрган кимсаларга қўл келмоқда. Шу боис, республикамизда бу иллатга қарши курашиш масалаларига давлат миқёсида катта эътибор қаратилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга кенг тарғиб қилишни йўлга қўйишни таъминлашимиз лозим.

 

Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг

фаолиятини мувофиқлаштириш

бўлими етакчи маслаҳатчиси

Ж.Абдулазизов