Янгиликлар
Транспорт бошқармаси фаолияти бўйича
Адлия бошқармаси томонидан Сурхондарё вилоят транспорт бошқармаси фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти, маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилиши, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлиги аҳволи ўрганилди ва қуйидагилар аниқланди.
Меҳнат кодексининг 148-моддаси, иккинчи қисмида таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади деб белгиланган бўлсада, бошқарма бошлиғининг 2020 йил 3 февралдаги 14-ш-сонли буйруғига асосан бошқарманинг биринчи тоифали инспектори 3 февраль куни меҳнат таътилига чиқарилган бироқ, таътил учун ҳақ 17 кун ўтиб, 2020 йил 20 февраль куни тўлаб берилган.
Шу каби қонун бузилишига 2019 йилда 8 та, 2020 йилда 31 та ҳолатда йўл қўйилган.
"Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасида ваколатли органлар берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг реестрини юритади ва реестрни ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштиради деб белгиланган бўлсада, автовокзал (автостанция) паспортларининг реестри юритилмаган ҳамда автовокзал (автостанция) паспортларининг реестри ва автовокзал (автостанция) паспортини олиш учун зарур маълумотлар бошқарманинг веб-сайтига жойлаштирилмаган.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш орқали фаолиятининг очиқлигини таъминлайди деб белгиланган бўлсада, бошқарма томонидан ушбу талабга риоя этилмаган.
Хусусан, бошқарма фаолияти тўғрисидаги ахборот бошқарманинг расмий веб-сайти "surxondaryo.mintrans.uz"га жойлаштирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарори бидан тасдиқланган Бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича "Йўл харитаси"га асосан ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг биринчи раҳбари томонидан ўз фаолияти юзасидан ярим йиллик ва йил якуни бўйича жамоатчилик олдида ҳисобот берилиши ва уларни расмий веб-сайтларда жойлаштириши лозим бўлсада, ўрганиш кунига қадар бошқарма бошлиғи ўз фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида ҳисобот бермаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 декабрдаги 320-сон қарори билан тасдиқланган Автовокзал (автостанция) паспортини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11-бандида паспорт олиш учун Транспорт вазирлиги ҳудудий бўлинмасига тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси Транспорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда дарҳол тадбиркорлик субъектига берилади (юборилади) деб белгиланган бўлсада, "Шоҳбекат Термиз" МЧЖ раҳбари томонидан 2020 йил 27 август куни тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги низомда давлат органи ва ташкилоти раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан давлат органи ва ташкилотининг бошқа таркибий тузилмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилиши белгиланган.
Бироқ, бошқарманинг 2020 йил 10 мартдаги 29-шт-сон буйруғи юридик хизмат ходимининг визаси олинмасдан қабул қилинган.
Бу каби ҳолатлар 2020 йилдаги 28 та буйруқларни расмийлаштиришда такрорланган.
Ўрганиш давомида аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада
ҳуқуқни қўллаш амалиётини
ўрганиш бўлими бошлиғи Б.Гаффаров