Янгиликлар
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси С.Акрамовнинг Одоб-ахлоқ қоидалари юксак касбий масъулиятни белгилаб берувчи омил мавзусида маърузаси
Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги 3666-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги органларининг асосий вазифалар белгилаб берилганидан сўнг, туман-шаҳар адлия бўлимлари ташкил топганлиги муносабати билан ушбу вазифаларни амалга ошириш учун билимли, малакали, Одоб-ахлоқли кадрларга алоҳида аҳамият берилди.
Ҳозирги кунга келиб, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари муносиб кадрлар билан тўлдирилиб, кейинги вазифага ўтилди яъни ушбу ходимларнинг Одоб ахлоқ қоидаларига риоя этиши ва уларнинг малакасини, билимини янада ошириш тадбирларига катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан 2020 йил 24 февралда тасдиқланган 43-ум сонли буйруғининг 1-иловасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари мустаҳкамлаб берилганлиги бунинг аниқ мисоли дейиш мумкин.
Мазкур низомда адлия органлари ва муассасалари ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа ходимлар билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.
Масалан, адлия ходими хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Ходим ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда ходимнинг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.
Ходимлар хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.
Ходим томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.
Ходим томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишлари адлия органлари ва муассасаларидаги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида давомида доимий равишда ходимларнинг Одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилиши бўйича давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказиб, ходимларнинг маънавиятини янада юксалтириш мақсадида маърузалар ташкил қилиб келинмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, адлия тизимида ишловчи ҳар бир ходим ўзида юксак касбий масъулиятни олиб олдимизга қўйилган вазифа ва топшириқларни сифатли, тез, ситқи дилдан бажаришимиз зарур деб ҳисоблайман.
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси
кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси С.А.Акрамов