Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНИ


2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши курашиш тўғрисида”ги  Қонуни қабул қилинди, Қонуннинг мақсади терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб 6 бўлим 31 моддадан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари шахс, жамият ва давлатнинг терроризмдан хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашдан иборат.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

гаровга ушлаб турилган шахс — қўлга олинган ёки ушлаб турилган шахсни озод этиш шартлари сифатида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, халқаро ташкилотларни, шунингдек айрим шахсларни бирон-бир ҳаракат содир этишга ёки бундай ҳаракат содир этишдан тийилишга мажбур қилиш мақсадида террорчилар томонидан қўлга олинган ёки ушлаб турилган жисмоний шахс;

терроризм — сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар;

терроризмни молиялаштириш — террорчилик ташкилотининг мавжуд бўлишини, фаолият кўрсатишини, молиялаштирилишини, террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишни ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни таъминлашга, террорчилик ҳаракатини тайёрлаш ва содир этишга, террорчилик ташкилотларига ёхуд террорчилик фаолиятига кўмаклашаётган ёки бундай фаолиятда иштирок этаётган шахсларга бевосита ёки билвосита ҳар қандай маблағ-воситаларни, ресурсларни беришга ёки йиғишга, бошқа хизматлар кўрсатишга қаратилган фаолият;

террорчи — террорчилик фаолиятини амалга оширишда иштирок этаётган, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишни ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни амалга оширган шахс;

террорчилик гуруҳи — олдиндан тил бириктириб террорчилик ҳаракатини содир этган, бундай ҳаракатга тайёргарлик кўрган ёки уни содир этишга суиқасд қилган шахслар гуруҳи;

террорчилик ташкилоти — икки ёки ундан ортиқ шахснинг ёки террорчилик гуруҳларининг террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун барқарор бирлашуви;

террорчиликка қарши операция — террорчилик ҳаракатига чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш, шунингдек жисмоний шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда террорчиларни зарарсизлантиришга қаратилган, келишилган ва ўзаро боғлиқ махсус тадбирлар мажмуи;

террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зона — жойнинг ёки акваториянинг алоҳида участкалари, ҳаво бўшлиғи, транспорт воситалари, бинолар, иморатлар, иншоотлар, хоналар ҳамда террорчиликка қарши операция ўтказиладиган доирадаги уларга туташ ҳудудлар;

террорчилик фаолияти — террорчилик ҳаракатини уюштириш, режалаштириш, тайёрлаш ва амалга оширишдан, террорчилик ҳаракатига ундашдан, террорчилик ташкилотини тузишдан, террорчиларни ёллаш, тайёрлаш ва қуроллантиришдан, уларни молиялаштириш ва моддий-техника жиҳатидан таъминлашдан иборат бўлган фаолият;

террорчилик ҳаракати — гаровда ушлаб туриш учун шахсларни қўлга олиш ёки ушлаб туриш, давлат ёки жамоат арбобининг, аҳолининг миллий, этник, диний, бошқа гуруҳлари, чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг ҳаётига тажовуз қилиш, давлат ёки жамоат аҳамиятига молик объектларни шу жумладан континентал шельфда жойлашган стационар платформаларни босиб олиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, портлатишлар, ўт қўйишлар, портлатиш қурилмаларини, радиоактив, биологик, портловчи, кимёвий, бошқа заҳарловчи моддаларни ишлатиш ёки ишлатиш билан қўрқитиш, ер усти, сув ва ҳаво транспорти воситаларини қўлга олиш, олиб қочиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, аҳоли гавжум жойларда ва оммавий тадбирлар ўтказилаётганда ваҳима кўтариш ва тартибсизликлар келтириб чиқариш, аҳоли ҳаётига, соғлиғига, жисмоний ёки юридик шахслар мол-мулкига авариялар, техноген хусусиятли ҳалокатлар содир этиш йўли билан зарар етказиш ёки хавф туғдириш, таҳдидни ҳар қандай воситалар ва усуллар билан ёйиш тарзида террорчилик тусидаги жиноятларни, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларида белгиланган террорчилик тусидаги бошқа ҳаракатларни содир этиш;

халқаро терроризм — бир давлат ҳудуди доирасидан ташқарига чиқадиган терроризм.

Терроризмга қарши курашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат, қонунийлик, шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, терроризмнинг олдини олиш чоралари устуворлиги, жазонинг муқаррарлиги, терроризмга қарши кураш ошкора ва ноошкора усулларининг уйғунлиги, жалб этиладиган кучлар ва воситалар томонидан террорчиликка қарши ўтказиладиган операцияга раҳбарлик қилишда яккабошчилик.

Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Қуйидагилар тақиқланади, терроризмни тарғиб қилиш, террорчилик гуруҳлари ва ташкилотларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши, террорчилик фаолиятига дахлдор юридик шахсларни, уларнинг бўлинмалари (филиаллари) ва ваколатхоналарини (шу жумладан чет эл ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини) аккредитация қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши, террорчилик фаолиятига дахлдор чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши, тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатларига оид маълумотлар ва фактларни яшириш.

Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар.

Терроризмга қарши кураш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг чет эл давлатлари билан, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, махсус хизматлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.  

Терроризмга қарши курашда иштирок этаётган давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда террорчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш борасида ҳамкорликда ҳаракат қилишларини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади.

 Террорчилик ҳаракатига чек қўйиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур чоралар қўлланилади, шу жумладан террорчиликка қарши операциялар ўтказилади.

Террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаолияти жойлардаги террорчиликка қарши операция ўтказиш раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

 Террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 Террорчилик ҳаракати оқибатида жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси уларни нормал ҳаётий фаолиятга қайтариш мақсадида ўтказилади ҳамда мазкур шахсларга ҳуқуқий ёрдам беришдан, уларнинг руҳий, тиббий, касбий реабилитациясидан, уларни ишга жойлаштиришдан, зарур ҳолларда уларга обод турар жой ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ёрдам беришдан иборат бўлади.

Террорчилик ҳаракати оқибатида жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитациясини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Терроризмга қарши курашда иштирок этаётган шахслар давлат ҳимоясидадир.

 Терроризмга қарши курашда бевосита иштирок этаётган, терроризмга қарши курашга кўмаклашаётган шахсларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига, башарти уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид юзага келган тақдирда, илтимосларига кўра уларнинг ташқи қиёфаси, фамилияси, исми ва отасининг исми, шунингдек иш ва яшаш жойлари терроризмга қарши кураш органлари таъминотига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўзгартирилиши мумкин.

Терроризмга қарши курашда иштирок этган шахс террорчиликка қарши операция ўтказишда ҳалок бўлган тақдирда ҳалок бўлган шахснинг оила аъзоларига ҳамда унинг қарамоғидаги шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.

 Терроризмга қарши курашни бевосита амалга ошираётган бўлинмаларда хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ҳамда давлат органларининг ходимларига пенсия тайинлашда хизматнинг бир куни икки кунга, террорчиликка қарши операция ўтказишда иштирок этган даврда хизматнинг бир куни уч кунга ҳисобланади.

 Террорчилик фаолиятида иштирок этаётган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

  Шахс террорчилик фаолиятида иштирок этишдан ўз ихтиёри билан қайтган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг ва террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

    Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган халқаро ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) Ўзбекистон Республикасининг суди томонидан террорчилик ташкилоти деб топилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) фаолияти тақиқланади ва бу ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) тугатилади, унга (унинг бўлинмасига, филиалига, ваколатхонасига) тегишли, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган мол-мулк мусодара этилади ва давлат мулкига ўтказилади.

Террорчиликка қарши операцияда иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар, мутахассислар ва бошқа шахслар бундай операция ўтказилаётганда мажбуран зарар етказганлик учун жавобгарликдан озод этилади.

Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Денов туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси

 Л.Райимов