Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 451 11 48

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Инсон ҳуқуқлари адлия органлари ҳимоясида


Маълумки, инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият бўлиб ҳисобланади. Шу боис, давлатимиз ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётганлиги ҳар бир йўналиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор вазифаси сифатида қаралаётганлигидан далолат бермоқда.

Ҳозирги кунга қадар юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясининг халқаро тан олинган принциплари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупция ва одам савдосига қарши қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида қатор миллий дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, махсус комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан ушбу жараёнга давлат ташкилотларини бирдек жалб этиш, уларнинг жамият ва давлат, фуқаролар олдидаги вазифаларини аниқ белгилашга эришилди.

Шу ўринда эътироф этиш мумкинки, 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 3-сессисиясидаги 217 А-сонли Резолюциясига асосан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 72 йил тўлди.

Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий маданият алифбосидир, десак муболаға бўлмайди. Унинг муқаддимасида инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги эътиборга олинган. Мазкур декларациянинг 7-моддасига кўра, барча одамлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва шундай камситишга ундайдиган ҳар қандай гиж-гижлашдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир.

Шунингдек, ушбу декларациянинг 29-моддаси иккинчи қисмига  мувофиқ, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умумфаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясида белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка имплементация қилган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

Эътиборлиси, юртимизда шу асосда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш борасида ўзига хос миллий тизим яратилди ва бу масалада махсус миллий институтлар ташкил этилди. Ўзбекистон декларация асосида қабул қилинган халқаро конвенцияларни ратификация қилиб, инсон ҳуқуқи соҳасида умумэътироф этилган тамойилларга содиқлигини намоён этди. Бу саъй-ҳаракатлар, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя асосида янада ривожлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасида давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда Адлия органлари инсон ҳуқуқлари соҳасида қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилиб, уларни такомиллаштириш, таклифлар киритиш, халқаро тажрибани ўрганиш, шу йўналишда аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминламоқда.

Жумладан, Бойсун туман адлия бўлими Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда.

2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида адлия бўлимига 182 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 106 таси қаноатлантирилган.

Хусусан, адлия бўлими томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бойсун туман Мактабгача таълим бўлими ходими Х.Турсуновнинг мурожаатига асосан ушбу бўлимга киритилган 1 та тақдимнома асосан 1 нафар масъул ходими интизомий жавобгарликка тортилиб, тумандаги 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10 ва 11-сонли ДМТТлари 78 нафар ходимларининг ишлаган меҳнатига тўланмасдан қолган жами 68 670 000 сўм иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш пуллари тўлаб берилиши таъминланган.

Шунингдек, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тегишли судларга 19 та даъво аризалари киритилиб, тегишли суд қарорига асосан 9 та ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилиши ва фуқароларнинг тегишли ташкилотларда ишлаган даврларини пенсия тайинлашда иш стажи сифатида ҳисобга олиш мажбурияти Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимига юкланиши таъминланган.

Хусусан, Бойсун туманидаги “Хўжабулғон” МФЙда яшовчи фуқаро С.Қаюмованинг туманидаги собиқ “Сайроб” совхозида 01.09.1984 йилдан 31.12.1998 йилларгача  ишчи бўлиб ишлаган даврларининг иш ҳақи китобларида исм ва фамилияси қайд этилмаганлиги сабабли, ушбу йиллардаги даврлар унга пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаётганлиги боис, унинг оғзаки мурожаатига асосан адлия бўлими томонидан мазкур масалада ҳуқуқий манфаатини кўзлаб, туман маъмурий судга киритилган шикоят аризаси бўйича ушбу суднинг қабул қилнган қилув қарорига кўра, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимининг тегишли қарори ҳақиқий эмас деб топилган ва мазкур бўлимга фуқаро С.Қаюмованинг совхозда ишлаган даврларини пенсия тайинлашда ҳисобга олиш мажбурияти юкланиб, унинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари таъминланишига эришилган.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари барчамиз учун энг олий қадрият ҳисобланганлиги боис, ҳар биримиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бор куч ғайратимизни ишга солишимиз ва бу борада жамиятимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга муносиб даражада ўз ҳиссамизни қўшишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Нодир Мамадиев

Бойсун туман адлия бўлими бошлиғи