Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Ижро интизоми кучайтирилади


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5132-сон қарорининг  мақсади қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишининг таъсирчан тизимини яратишда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ўрнини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада ошириш ҳамда самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

Қарорга асосан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилди:

биринчи босқич — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни “Ijro.gov.uz” тизимига киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;

иккинчи босқич — Адлия вазирлиги “Ijro.gov.uz” тизимига назоратга олинадиган топшириқларни киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди. Бунда, Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар бўйича ўзининг аппаратида топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочини, зарур бўлганда, вазирлик ва идораларни белгилайди ҳамда топшириқларни назоратга олади;

учинчи босқич — давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига белгиланган шаклдаги маълумотларни киритади;

тўртинчи босқич — Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул ижрочилар томонидан “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;

бешинчи босқич — Вазирлар Маҳкамаси “Ijro.gov.uz” тизимида Ҳукумат тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан киритилган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, ҳар ойда Раёсат мажлисларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тегишли таклифлар билан биргаликда умумлаштирилган маълумот киритади;

олтинчи босқич — Ҳисоб палатаси “Ijro.gov.uz” тизимида масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради;

еттинчи босқич — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш борасидаги қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш;

бошқарув тизимини, замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини мақсадли ҳамда устувор вазифаларга мувофиқ такомиллаштириш;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги назорат бандларида аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича “йўл хариталари”ни (ҳаракат режаларини) ўз вақтида ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш;

ташкилий, ижро ва назорат фаолияти ягона тизимининг натижадорлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилаш.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни мазкур қарорда белгиланган тартибда ташкил этади, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ҳамда бу ҳақда “Ijro.gov.uz” тизимига тегишли маълумотларни киритади;

Мазкур қарорнинг эътиборли томони шундаки, унга мувофиқ қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ижро муддати белгиланмаган ёки ижро муддати бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқларнинг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот ҳар олти ойда масъул ижрочилар томонидан “Ijro.gov.uz” тизимига киритиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси олинган таклифлар асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан узайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги
ПҚ-5132-сон қарори билан “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланган.

Ўз навбатида Низом билан,

“Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича назорат
ва ҳисобдорликни ташкил этиш схемаси;

масъул ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари
ва топшириқлар ижроси тўғрисидаги “Ijro.gov.uz” тизимига киритиладиган маълумотларнинг намунавий шакли;

«Ijro.gov.uz» тизимида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатини узайтириш схемаси ҳамда ижро муддатини узайтириш бўйича Адлия вазирлигига киритиладиган таҳлилий жадвалнинг намунавий шакли тасдиқланган.

Шу билан бирга низом талабларига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳар ой якуни бўйича масъул ижрочиларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятини ўз вақтида бажарилган, кечиктириб бажарилган, бажарилмаган топшириқларнинг муддати келган жами топшириқларга нисбати асосида баҳолаб боришини, топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминланмаганларга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари белгиланганлигини унутмаслик лозим.

Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари

 ва топшириқлари ижросини назорат қилиш

бўлими бошлиғи Б.К.Гаффаров