Янгиликлар
Хусусий сектор қўллаб-қувватланмоқда
Термиз шаҳрида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда фаол фуқаролар, фахрийлар, ижтимоий масъул бизнес вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида мамлакатимизда хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди ва изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” ушбу дастур ижросини таъминлаш юзасидан кичик бизнес субъектлари, ижтимоий масъулиятли фуқаролар ва бизнес вакилларига маъмурий, ташкилий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми”нинг Сурхондарё вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш ахборот маркази томонидан 400 дан ортиқ мурожаатнома қабул қилинди. Улар ижтимоий аҳамиятга молик бизнес лойиҳалар ҳамда ахборот-маслаҳат йўналишидаги сўровномалардир. Айни пайтда ушбу мурожаатлар бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
– Тикувчилик билан шуғулланиш учун молиявий кўмак сўраб, вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш ахборот маркази ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармасига мурожаат этдик, – дейди Ангор туманидаги “Гиламбоп” маҳалласида истиқомат қилувчи Саломат Ваҳобова. – Натижада “Микрокредитбанк”нинг имтиёзли кредит маблағига эга бўлиб, “Марҳабо-Сурхон” хусусий корхонамиз учун замонавий тикув машиналари сотиб олдик.
Маҳалламиздаги тўрт нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Айни пайтда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга бозорда талаб ошиб бораётир. Қишлоқда ўз бизнесимизни йўлга қўйишимизда барча шароитлар яратиб берилгани учун Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.