Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Сайлов юқори савияда ўтказилади


Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 12 сентябрдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида мамлакатимизда ўтказиладиган фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида маҳалланинг нуфузини янада ошириш, унинг ташкилий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Қобулов, халқ депутатлари вилоят кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси, вилоят кенгаши депутати Иброҳим Ёқубов, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Қоржов Чориев ва бошқалар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия таркиби, тадбирлар режаси, мазкур тадбирни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан кўрилаётган тайёргарлик хусусида сўз юритди.

Бўлажак сайловларда вилоят бўйича 832 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 8 мингдан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Бу вазифага обрў-эътиборли ва ҳар томонлама муносиб номзодлар кўрсатилишини таъминлаш учун жойларда турли давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этишга ҳозирлик кўрилмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида маҳалла институтининг жамиятимиздаги роли ва ўрни мустаҳкамланиб бораётир, – дейди халқ депутатлари вилоят кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси, вилоят кенгаши депутати Иброҳим Ёқубов. – Айни пайтда фуқаролар йиғинлари давлат ҳокимияти идоралари ваколатига кирган ўттиздан ортиқ вазифани бажараётгани ҳам ўзини ўзи бошқариш органларига кўрсатилаётган эътибор самарасидир.

Йиғилишда ўзини ўзи бошқариш органларига бўлиб ўтадиган сайловларнинг аҳамиятини кенг оммага етказиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.