Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди


Мамлакатимиз қонунчилигида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг қулай шароитларини таъминлашга қаратилган қоидалар мустаҳкамланган. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказишнинг хабардор қилиш тартиби ва “бир дарча” тамойили асосида тегишли рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби амалга киритилди.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, улар фаолиятини бошланишининг асосий босқичи ҳисобланади. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказиш, рухсат берувчи ҳужжатларини расмийлаштириш рўйхатга олувчи органларнинг асосий фаолиятидан бири саналади.

Таъкидлаш керакки, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатига олиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тавсифланган ҳамда ушбу муносабатларни тартибга солишда бир қатор қонун ҳужжатларидан фойдаланилади. Мазкур ҳолат, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи шахслар, рўйхатга олинадиган субъектлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларини ўзлаштиришда айрим муаммоларни келтириб чиқиши ҳисобга олиниб, Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар ҳамкорлигида “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатига олиш бўйича муносабатларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидаларни бирхиллаштириш ҳисобланади.

Қонун лойиҳасида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрини юритиш билан боғлиқ бўлган масалаларнинг аниқ тартиби алоҳида бобда ифода этилиши таклиф қилинмоқда. Ушбу бобда юридик шахсларнинг ягона давлат реестрини мазмуни ва унинг тузилиши, реестрни юритиш тартиби ҳамда манфаатдор шахсларга реестрда мавжуд бўлган маълумотлар ҳамда ҳужжатларни тақдим қилиш тартиби, юридик шахсларнинг ягона давлат реестрини юритиш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар тартибга солинади.

Бундан ташқари, лойиҳада якка тартибдаги тадбиркорларнинг давлат реестри ва юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган деҳқон хўжаликларининг давлат реестрини юритиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида юридик шахс бўлмаган филиал ва ваколатхонани ташкил қилишда уларни ҳисобга қўйиш учун юридик шахслар томонидан тегишли ҳужжатларни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим қилиши шартлиги ҳақидаги норманинг мустаҳкамлаб қўйилиши таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари тижорат ва нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини бирхиллаштириш мақсадида қонун лойиҳасига барча юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга юридик шахслар номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи (нотижорат ташкилоти учун эса ном) захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль тақдим қилиши тартиби таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, лойиҳада юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда қўлланиладиган асосий тушунчалар батафсил ёритиб берилган.

Бир сўз билан айтганда, “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги янги Қонун лойиҳаси юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги муносабатларни такомиллаштиришга, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини янада соддалаштиришга, пировардида, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар сафининг кенгайишига хизмат қилади.