Янгиликлар
Амалий семинар
Термиз шаҳрида “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоятдаги туманлар, шаҳарлар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар раислари ва аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмалари вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш ишчи гуруҳлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашиб, вазифалари кўлами кенгайиб бораётгани таъкидланди. Маҳалла институти билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамкорлигини янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар маҳаллалар тинчлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 12 сентябрдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган сайловларда вилоят бўйича 832 маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 8 минг 400 нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Бу вазифага обрў-эътиборли, муносиб номзодлар кўрсатилишини таъминлаш ва сайловни юксак савияда ўтказиш учун жойларда 832 ишчи гуруҳи тузилган.
Семинарда халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ушбу сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловга кўмаклашувчи комиссиялар ва сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил сўз юритилди.