Янгиликлар
Янги “Бахт уйи” пойдевори
Қумқўрғон тумани, “Боғара” маҳалласи марказида яна бир фусункор бино қурилиши бошланди. Бу ерда Қумқўрғон туманининг янги “Бахт уйи” биносига пойдевор тоши қўйилиб, тумандаги “Ниёзов Абулқосим” хусусий корхонаси умумий қиймати 1 миллиард сўмга яқин бўлган мазкур “Бахт уйи” мажмуасини келгуси йил баҳорда Наврўзи олам олдидан Қумқўрғон халқига тухфа қилиш ниятида.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тавсия этаётган энг замонавий лойиҳалар асосида қад ростлайдиган бу мажмуа бетакрор замонавий услублар билан миллий меъморчилик уйғунлигида амалга оширилади.
Ушбу бино ёш келин куёвлардан аризаларни қабул қилиш бўлими, маслаҳатхона, тантаналар зали ҳамда нотариал идора фаолият юритадиган қисмлардан иборат бўлиб, мажмуа боғи кўркамлашади. Йил 12 ой яшил майса қопламлари киши кўзини қувонтиради, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Куни-кеча вилоят ҳокими, вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти ва туман оқсоқоллари бўлажак “Бахт уйи” пойдеворига дастлабки ғиштларни қўйиб, яхши ниятлар билан дуога қўл очишди.