Янгиликлар
Қонун устуворлиги – обод турмуш кафолати
Сурхондарё вилоятида ҳам Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган учрашув, давра суҳбатлари ва турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Термиз шаҳридаги 2-академик лицейда бўлиб ўтган анжуман “Бахтимиз қомуси ва ободлик дастури” деб номланди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тарғибот гуруҳи томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамаот ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасалари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова, Республика юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлари доктори Бобоқул Тошев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Бош қомусимизда белгиланган эркинлик ва мажбуриятлар тинч-осуда Ватан ва обод турмуш барпо этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Асосий Қонунимизнинг қабул қилиниши мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйиб, жамиятимизнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини белгилаб берди. Конституциямизнинг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани, шунингдек, умуминсоний қадриятларни, халқаро андозаларни ўзида мужассам этгани билан ҳам аҳамиятлидир.
– Мамлакатимизда Конституция нормалари ва қонунлар асосида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратди, – дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Қ.Чориев. – Амалга оширилаётган ислоҳотларда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш учун уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, сиёсий фаоллигини ошириш лозим. Ана шу мақсадда вилоятда Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Корхона, ташкилот ва маҳаллаларда, таълим муассасаларида ташкил этилаётган учрашувларда Конституцимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, миллий қонунчилигимиз асослари атрофлича тушунтирилмоқда.
Анжуманда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – миллий давлатчилик асоси”, “Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишда Конституция ва қонунларнинг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.