Янгиликлар
Замонавий “Бахт уйи”лари
Мустақиллик йилларида юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби фуқароларимизга малакали юридик хизмат кўрсатишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, никоҳланувчи ёшларни оилага тайёрлаш ва никоҳдан ўтказиш борасида ҳудудларда замонавий “Бахт уйи”лари қурилиб фойдаланишга топширилаётганлиги юридик хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллиги ҳамда “Обод турмуш йили” муносабати билан Сурхондарё вилоятида ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган янги “Бахт уйи” биноларини фойдаланишга топшириш тадбирлари бўлиб ўтди.
Оила улуғ ва муқаддас макон, у инсон камолотининг бешиги, дунёдаги жамики эзгу умидларнинг олтин калитидир. Юртбошимиз айтганларидек: “Оила соғлом бўлса, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осойишта бўлади!”.
Шу жиҳатдан ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида тарбиялаш энг устувор вазифаларимиздан биридир. Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Адлия органлари томонидан “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида ёшларни оилага тайёрлаш, уларни ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган оилалар билан яқиндан таништириш, оила қонунчилигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва фуқароларга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимиз ҳудудларида 18,6 миллиард сўмлик ФҲДЁ ва “Бахт уйи”лари қурилиб фойдаланишга топширилди.
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ҳамда тоғли Бойсун туманларида қарийб 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган муҳташам “Бахт уйи”лари қурилиб фойдаланишга топширилганлиги вилоят аҳолиси, айниқса никоҳланувчи ёшлар учун муносиб совға бўлди.
Янги бинонинг очилишида сўзга чиққанлар бошқа соҳалар каби, оила қонунчилигининг такомиллашуви, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларни таъминлашга қаратилган тадбирларнинг аҳамияти борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Оила муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштириб борилаётганлиги, бу эса ўз навбатида миллий қадриятларнинг оила каби муқаддас анъаналарга сингиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Юртбошимизнинг бевосита раҳбарлигида Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашнинг иқтисодий маънавий асослари такомиллашгани, оилада ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада кучайтириш, хотин-қизларнинг, ёшларнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида қилинаётган тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Шу куни янги муҳташам биноларда оила қуришни режалаштирган никоҳланувчи ёшларга никоҳ тузилганлиги ҳақидаги расмий гувоҳномалар топширилди.