Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Фаровон ҳаётимиз кафолати


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилоятида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Термиз давлат университетида бўлиб ўтди. Унда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Тошкент давлат юридик институти ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театри санъаткорлари, фаол ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Конституциямиз халқимизнинг тинч, осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлаш, юртимизнинг порлоқ келажагини белгилашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди. Бош Қомусимиз инсонпарварлик ва демократик тамойиллар, халқаро ҳуқуқ қоидаларига мослиги, унда халқимизга хос миллий ва умуминсоний қадриятлар ўз ифодасини топгани таъкидланди.

Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган асосий тамойиллар, жаҳон ҳамжамияти эътироф этаётганидек, халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритишида муҳим омил бўлмоқда. Конституциямизда инсон эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланиб, улар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани юртимиздаги тинчлик, аҳиллик ва фаровонликни таъминлаш билан бирга, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва бу борада фаол ёшлар олдида турган муҳим вазифалар таҳлил қилинди.

Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад Бош Қомусимизнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга очиб беришдан иборат, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси Оллоқул Худойбердиев. – Айни кунларда тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида вилоятнинг энг чекка, олис туманларидаги маҳалла ва таълим муассасаларида ҳам ана шундай тадбирлар ташкил этилмоқда.