Янгиликлар
Фаровон келажак кафолати
Сурхондарё вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида Адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий саводхонлик – фаровон келажак кафолати” мавзусида “давра суҳбати” ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан Ёшларга Конституция ва унда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг фуқаро ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамиятини тушунтиришдан иборат бўлди.
Давра суҳбатида вилоят Адлия бошқармаси, Камолот» ЁИҲ вилоят ва шаҳар Кенгаши ходимлари ва иқтидорли аъзолари, сиёсий партиялар «Ёшлар қаноти» фаоллари, ТермДУ талабалари, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими ўқувчилари, ФЖШМҚМИ Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси маъсул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳар бир фуқаро Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, бурчларини ҳамда эркинликларини чуқур билишлари зарурлигига алоҳида аҳамият қаратиб ўтдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси шахс ва давлат ўзаро масъуллигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўйилганлиги, хусусан, «Инсон – давлат» муносабатларида устуворлик инсонга тегишли эканлиги, давлат ҳокимияти органларининг фаолияти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, дунёдаги ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир шахс, ҳеч бир фуқаро ўз ижтимоий-шахсий ҳаётини, ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмаслигини, чунки, ҳар бир шахс кундалик ҳаётида Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита мурожаат қилиши ҳамда ушбу Асосий қонунга ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаб берувчи олий юридик ҳужжат сифатида қараши лозимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – фуқаролик жамияти шаклланишининг ҳуқуқий асоси эканлиги, Ўзбекистон Республикаси ўзининг 22 йиллик мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, давлат бошқарувининг энг самарали механизмини жорий этилиши, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби ютуқлар Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунларнинг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилганлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги самарали ислоҳотлар қаторида фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, улар фаолиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки ҳамда мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга имкон яратганлиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Конституция яратилиш тарихи, ривожланиш босқичлари хусусида ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалий ишларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Давра суҳбати жараёни ўзига хос баҳс – мунозара усулда ташкил этилди ҳамда унинг барча иштирокчилари жараёнларда фаол иштирок этишиб, ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир сўнгида кўтарилган мавзу доирасида қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.