Янгиликлар
Ёшлар ўртасида соғлом тарбия
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 мартдаги ёшлар масаласига бағишланган 57-сонли мажлис баёни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар Дастури ва унинг бажарилишини таъминлаш юзасидан ижро механизмининг 3-бандида адлия органлари ҳузурида “Ҳуқуқий маслаҳат кунлари” ташкил этилганлиги муносабати билан Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан, вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ, Термиз давлат университети, адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Термиз иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар” мавзусида учрашув ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳар бир фуқаро Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, бурчларини ҳамда эркинликларини чуқур билишлари зарурлигига алоҳида аҳамият қаратиб ўтдилар.
Шунингдек, юртимизда ҳар-бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар ҳақида тўхталиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш тараққиётнинг асосий мезони эканлиги ҳақида ҳамда 2013 йилда вилоятда вояга етмаганлар ўртасида ва коллежларда таҳсил олаётган ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар ҳақида тўхталиб, бунга барча тадбир иштирокчиларининг эътиборлари қаратилди.
Учрашув жараёни ўзига хос баҳс – мунозара усулда ташкил этилди ва ёшларга жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида атрофлича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ҳамда ушбу масала юзасидан барча иштирокчилар жараёнларда фаол иштирок этишиб, ўз мулоҳазаларини билдиришдилар.
Тадбир сўнгида кўтарилган мавзу доирасида қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.