Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Қулай ва тежамкор


Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган ўқув-семинари ўтказилди.

Унда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари, адлия, солиқ, статистика ҳамда республика Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларнинг фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилаётир.

Айни пайтда Сурхондарё вилояти ялпи ички маҳсулотининг 74 фоиздан ортиғи хусусий сектор томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик бизнеснинг улуши 26, хизмат кўрсатишда 66 фоизни ташкил этаётир. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган аҳолининг 78 фоизи хусусий секторда меҳнат қилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Қашқадарё вилоятида ҳам иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланиб, унинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқа соҳалардаги улуши ортиб бораётир.

– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам юксак самаралар бермоқда, – дейди Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Эшматов. – Вилоятда 39 минг 700 тадбиркорлик субъекти мавжуд. Олис ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланган хусусий корхоналар барпо этилиб, арзон ва сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2014 йилнинг биринчи январидан мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилгани ҳам соҳа ривожига қаратилаётган улкан эътибор самарасидир.

Семинарда тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари ва электрон рўйхатдан ўтказишнинг афзалликлари хусусида атрофлича маълумот берилди.

– Анжуманда тадбиркорлик субъектларини янги тартибда рўйхатга олиш юзасидан етарли кўникма ва билимга эга бўлдик, – дейди Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси раҳбари Нуриддин Ашуров. – Эндиликда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш учун “Ўзинфоком” давлат унитар корхонасининг www.id.uz сайтидан уларга индефикацион рақам олиниб, www.my.gov.uz ягона интерактив давлат хизмати порталидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Мазкур сайтга давлат рўйхатидан ўтиш тартиблари ва талаб этиладиган ҳужжатлар тўғрисида барча маълумот киритилган.