Янгиликлар
Яна бир имконият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий микроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қарор ижроси бўйича вилоят адлия бошқармаси томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унда барча туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари, солиқ ва статистика органлари ходимлари иштирокида ўқув-семинари ўтказиш белгиланди.
Шу муносабат билан, Қумқўрғон ва Термиз туман ҳокимликларида ўқув-семинари ташкил этилди.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, тадбиркорлик субъектларини тадбиркорлик соҳасидаги янги мулкчилик шакли - юридик шахс бўлмасдан ташкил этиладиган оилавий тадбиркорлик субъектларини туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияларида давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, улар учун яратилган имкониятлар хусусида таништиришдан иборат бўлди.
Ўқув-семинарида адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Каримов, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими етакчи маслаҳатчиси М.Номозов, барча туман (шаҳар) ҳокимликларининг рўйхатдан ўтказиш инспекцияси ходимлари, солиқ ва статистика органлари вакиллари, шунингдек тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар.
Семинар мунозара тартибида ўтказилиб, барча йиғилиш иштирокчиларини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.