Янгиликлар
Рағбат ва имтиёз
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантиришнинг долзарб вазифалари: таклиф ва тавсиялар” мавзусида тижорат банклари, тайёрлов ва таъминот корхоналари ҳамда фермерлар иштирокида анжуман ташкил этилди.
Унда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш истиқболлари, тайёрлов корхоналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек “Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоққа саноатни олиб кириш ва доимий иш жойларини яратишда фермер хўжаликларининг ўрни катта. Шу боис, кейинги йилларда бевосита Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур соҳага кенг имкониятлар яратиш, фермерлик фаолиятини иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа фаолиятини ҳар жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ишларини амалга ошириш ва қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш каби йўналишларда самарали фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда бундай фермер хўжаликларининг сони 18 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. Сурхондарёда ҳам уларнинг сони ортиб бормоқда.
Фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллиги учун ҳуқуқий асослар ва кафолатларни яратиб берувчи Ер кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар деҳқонларимизнинг эркин фаолият юритишларини таъминламоқда.
Сўзга чиққанлар “Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Низом қишлоқ мулкдорининг фаолиятини янада рағбатлантиришни кучайтириши билан аҳамиятли эканлигини қайд этишди. Унга кўра, мавсумда пахта хом ашёсини етиштиришда камида 20 гектар майдонда 40 центнердан ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари ҳисобланади.
Бундай хўжаликларга пахта экиладиган жами ер майдонининг камида 5 фоизига қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, ёқилғи мойлаш материалларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан декларация қилинган нархларда олдиндан тўловни амалга оширган ҳолда тегишли шохобчалар орқали харид қилиш, қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажартиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларидан хоҳлаган битта моделини фермер хўжалигининг асосий талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан, қишлоқ жойларида қурилаётган намунавий уй-жойлардан бирини навбатсиз харид қилиш каби рағбатлантириш масалалари назарда тутилган.
Тадбирда иштирокчиларга мазкур Низом талабларини қўллашдаги холислик ҳамда адолат мезонлари, уларни амалиётга жорий этишдаги дастлабки натижалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасида фермер хўжаликлари томонидан эришилган натижалар суръатини янада кўтариш ҳамда катта марраларни забт этишда рағбат ҳамда имтиёзнинг ўрни муҳимдир. Рағбатнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари иштирокида амалга оширилиши эса унинг холислигини таъминлашга хизмат қилади.