Янгиликлар
Қонун лойиҳаси муҳокамаси
Сурхондарё вилоят Адлия бошқармасида вилоят Солиқ ва Статистика бошқармалари, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари масъул ходимлари иштирокида “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда мазкур Қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилинди.
Ҳозирги пайтда мамлакатмизда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, шу сабабли, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ягоналаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 мартдаги 93-сон қарори билан тасдиқланган “2012 йил учун қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури”нинг II-қисм 5-бандида, “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланганлиги, мазкур Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда эса юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда хорижий давлатларнинг қонунчилиги ўрганилиб, таҳлил қилинганлиги алоҳида қайд этилди.
Қонун лойиҳаси бўйича тайёрланган слайдлар тадбир қатнашчиларига намойиш қилиниб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.