Янгиликлар
27
Соғлом бола – оила қувончи
Сурхондарё вилоятида эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш мавзусига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят адлия, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида жисмонан соғлом, маънавий етук авлодни вояга етказиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида вилоятда фертиль ёшдаги аёллар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлиги мустаҳкамланмоқда. Эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг аҳамияти атрофлича тушунтирилаётир. Бу йўналишда тиббиёт, таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларининг ўзаро ҳамкорлиги яхши самара бермоқда.
Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қошида қизларни оилавий турмушга тайёрлаш, уларнинг иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий-маънавий билимини ошириш, касб-ҳунарга йўналтиришга қаратилган “Ораста қизлар” тўгараклари ҳам ўқувчи-қизларни мустақил ҳаётга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, айрим маҳалла ва таълим муассасаларида бу борадаги ишлар қониқарсиз йўлга қўйилгани боис эрта турмуш қуриш ва ёш оилалар ўртасида ажримлар содир бўлаётгани қайд этилди. Маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги оқибатида юз бераётган бундай ҳолатлар қизларнинг саломатлиги ва руҳиятига салбий таъсир этиши тўғрисида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.