Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Халқаро давра суҳбати


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида Тошкент давлат юридик университети, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази, Бош прокуратура Олий ўқув курслари, ИИВ Академияси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари Координатори, АҚШ Федерал суд маркази, Европа Иттифоқининг “Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўмаклашиш” лойиҳаси, “Региональный диалог” ХНТ (Словения) кўмагида “Юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

DSC02083.JPG

Халқаро давра суҳбати ишида парламент аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий юридик таълим ва илмий муассасалар вакиллари, нодавлат сектори ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Чет эллик иштирокчилар орасида дипломатик корпус, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда Венгрия, Португалия, Россия, Словакия, АҚШ, Исроил ва Японии мамлакатларидан экспертлар қатнашди.

Қонун устуворлиги, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг энг муҳим устуворлиги бўлганлиги ушбу тадбирни ташкил қилишга сабаб бўлди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижалари янада кенг халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Халқаро мустақил мутахассислар эътироф этганидек, Ўзбекистон фуқаролар хавфсизлиги таъминлашни муваффақиятли амалга ошираётган бешта мамлакат қаторига киради. Бу ҳақда жаҳон миқёсида навбатдаги Ҳуқуқ устуворлиги индексини эълон қилган «The World Justice Project» халқаро мустақил ташкилотининг йиллик маърузасида таъкидланган.

Мамлакатда юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Шу боис юридик кадрларни тайёрлашга оид миллий тажрибани ҳар томонлама таҳлил қилиш, юридик таълим соҳасида таълим стандартлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини белгилаш мезонлари, ўқув дастурлар, юридик олий ўқув юртларида илмий-методик адабиётларни янада такомиллаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Сўзга чиққан чет эллик экспертлар юристларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шу жумладан, ўз мамлакатларида судьялар, прокурорлар ва адлия органлари ходимларини ўқитиш тизимлари ҳақида батафсил маълумот берди. Иштирокчиларга хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқий тизимлари, юридик таълимга доир халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш механизмлари, ўқитишнинг замонавий усулларини ривожлантириш тенденциялари ҳақида ахборот тақдим этдилар.

Ўз навбатида, миллий экспертлар Ўзбекистонда мустақиллик йилларида яратилган юристларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими, ҳозирги кунда мазкур соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларга доир батафсил маълумот бердилар.

Алоҳида таъкидланганидек, мамлакатда юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал база яратилган. Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада ривожлантириш ва Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида белгиланган вазифалар доимий равишда ҳуқуқий профессионализмни оширишни талаб этувчи тизимли ва кўп томонлама ёндашувни талаб этади.

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш усулларини чуқурлаштиришнинг муҳим вазифаларини илгари сурмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида юридик таълимни янада такомиллаштириш ва ҳуқуқшуносликни ўқитиш, замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлашнинг сифатини тубдан яхшилаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2013 йилда Тошкент давлат юридик университети ташкил этилди, у юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-услубий муассаса сифатида белгиланган.

DSC02083.JPGЎзбекистонда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш узлуксиз таълим тизимининг мустақил босқичи ҳисобланади. Ушбу босқичда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази алоҳида ўрин эгаллайди.

Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялар билимлари ва малакасини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтиради. Жумладан, ушбу йўналишда давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамиятга эга, у суд кадрларини танлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш учун кенг имкониятлар очди.

Шу муносабат билан Марказ томонидан ўқув жараёнига назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти фаолияти билан яқин алоқасини таъминлаш ҳамда суд кадрларида профессионал кўникмалар ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини шакллантиришга қаратилган ўқитишнинг замонавий модуль тизимини жорий этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар қабул қилинган.

Судьяликка номзодлар, илк бор тайинланган судьяларни тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида ўқув жараёнига 2013 йилдан бошлаб ихтисослаштирилган дастурлар бўйича қўшимча машғулотлар киритилган, ўқитишнинг замонавий инновацион усуллари, шу жумладан, суд амалиёти шарҳи, “кейс-стади”, суд актлари ва бошқа процессуал ҳужжатлар намуналарини тайёрлашнинг ёзма шаклига эга бўлиш ва ўргатиш, ўқув суд жараёнлари (ишбилармонлик ва ролли ўйинлар), ҳуқуқни қўллаш амалиётига оид долзарб масалаларни муҳокама этиш кабилар жорий этилди.

ЕИнинг “Суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида синов вилоятлари негизида судьялар учун масофавий ўқитишни ташкил этиш мўлжалланмоқда. Ҳозирги пайтда виртуал аудиторияни яратиш, масофавий ўқитишга мослаштирилган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқиш ва муҳокама этиш босқичида.

Маърузачилар томонидан тақдим этилган ахборот давра суҳбати иштирокчиларига хорижий мамлакатларда юристларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими ҳақида тасаввурни шакллантириш ҳамда ушбу тизимлар ва мамлакатимизда яратилган тизимни солиштириш имконини берди.

Давра суҳбати якунлари бўйича юристларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ижобий хорижий тажрибани миллий амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар муҳокама этилди.