Янгиликлар
Одам савдоси - мудҳиш жиноят
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси ва Жарқўрғон туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Одам савдосига қарши курашишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу тадбирда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар ҳозирги вақтда жаҳон бўйича одам савдосига қарши курашиш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилиётганлигини, айнан бизнинг мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш борасида юртбошимиз раҳбарлигида қабул қилинган қонунлар ва қарорлар ҳақида сўз юритдилар.
Ушбу қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг ижроси бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссия ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар ташкил этилганлиги, ҳамда одам савдоси тушунчаси, одам савдоси билан шуғулланувчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масалалари ҳақида ҳамда жойларда ва маҳаллаларда алоҳида ишчи гуруҳлари тузилиб одам савдосидан жабр кўрганларнинг оилалари билан учрашув тадбирлари ўтказилаётганлиги ҳақида иштирокчиларига маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури “мерос” бўлиб ўтганлиги, улардан биринчиси - халқаро терроризм ва экстремизм, иккинчиси - наркобизнес ёки наркотрафик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси эса - одам савдоси, билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучайиб бораётганлигини, одам савдоси бу инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишлардан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслигини ҳамда гирдобига асосан ёшларни, энг ачинарлиси аёлларни тортаётганлиги барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг одам савдоси бўйича қизиқтирган масалалар юзасидан билдирилган саволларига жавоблар берилди ҳамда фикр-мулоҳазалар тингланди.
Йиғилиш сўнгида давра суҳбати иштирокчилари томонидан таклифлар берилди ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.