Bog'lanish

Telefon
(+998 76) 223-44-75

Elektron manzil
surxondaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш


Адлия вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.

DSC02083.JPG

Анжуманда таъкидланганидек, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасига бевосита боғлиқдир. Уни юксалтириш учун эса халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнига масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Юртбошимиз томонидан ўтган йилнинг 28 июнида имзоланган «Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарор, мамлакатни ҳуқуқий жиҳатдан модернизация қилишга қаратилган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университети сифатида қайта ташкил этилди, унинг асосий вазифалари аниқлаштирилди, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим муассасаси ва илмий-методик марказ этиб белгиланди. Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар­ амалга оширилди.

Мамлакатимиз тараққий этга­ни сари ижти­моий, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётимиз­да янги соҳалар, янги тушун­ча ва тамойиллар пайдо бўлаяпти. Бу эса миллий ҳуқуқ фани зиммасига ҳам залворли вазифаларни қўймоқда. Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг бу борадаги манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун ҳам ушбу соҳага ихтисослашган юрист кадрларга эҳтиёж сезилаётганди. Шундан келиб чиқиб, университетда бизнес ҳуқуқи йў­на­лиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Матбуот анжуманида ўтган давр мобайнида бакалавр ва магистрларни тайёрлаш билан боғлиқ давлат таълим стандартлари, ўқув режаси ва дастурлари қайта ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Талабаларда тизимли таҳлил қилиш ва юридик фаолиятнинг тегишли соҳаларини бошқариш кўникмаларини ривожлантириш мақсади­да ўқитишнинг модулли тизими­га ўтиш ва замонавий шакл­ларни жо­рий этган ҳолда машғулотларни ташкил этиш («кейс-стади», илмий презентациялар, жамоада ишлаш ва бош­қалар) йўлга қўйилмоқда.

Ўқув режасига маъруза ва семинар машғулотлари билан бир қаторда, амалий машғулотлар ҳам киритилди ва уларда талабаларнинг ҳужжатлар билан ишлаш, муайян вазиятларга ҳуқуқий баҳо бериш, ҳуқуқ нормаларини қўллаш кўникмалари шакллантирилмоқда. Махсус юридик фанлар, қонун ижодкорлиги назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари, ҳуқуқни қўллаш бўйича идоравий тузилмаларнинг раҳбарлари, масъул ходимлари томонидан университетда маъруза ўқиш, машғулотлар ўтказиш амалиётининг жорий этилиши эса университет талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

DSC02083.JPGҚолаверса, талабаларнинг билим ва кўникмаларини янада бойитиш, дунёқараши ва тафаккурини кенгайтириш мақсадида хорижлик профессорлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилаяпти.

Ҳуқуқ соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш билан боғлиқ вазифаларга ҳам жиддий эътибор қаратилиб, университет тизимида Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Давлат ҳокимияти ва бошқа­рувини янада демократлаштиришнинг ҳуқу­қий асосларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти­ни шакл­лантириш, суд-ҳуқуқ тизими­ни ривожлантириш ва ижти­моий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шунинг­дек, қонун ижодкорлиги, ҳу­қуқни қўллаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, шулар асосида илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш, юридик фан ва амалиётнинг долзарб муаммолари бўйича таҳлилий материаллар ва тавсиялар тайёрлаш марказнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди.

Тадбирда журналистларнинг замонавий юридик фаннинг ютуқларини инобатга олган ҳолда ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар, ҳуқуқий фанлар бўйича янги дарслик ва қўлланмаларни тайёрлашдан келиб чиқққан комплекс дастур ва режалар, мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлаш талаблари, талабаларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда мажбурий стажировка ўташ тартиби, хорижий тилларни ўрганиш асослари, таълим даргоҳининг халқаро алоқаларини ривожлантириш, илмий­-тадқиқот фаолиятига ёш­ларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан берилган саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.