Янгиликлар
Ишбилармонлик муҳитининг ҳуқуқий кафолатлари
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Савдо саноат палатасининг вилоят бошқармаси, туман ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси ҳамда тижорат банклари ҳамкорлигида Термиз туман ҳокимлигида “Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти”ни тушунтириш юзасидантадбиркорлик субъектлари ҳамда коллеж битирувчилари иштирокида анжуман ташкил этилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, мазкур қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорлик субъектларига яратилган шарт-шароитлар ва берилаётган имкониятлар юзасидан атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва доимий иш ўринларини яратишда тадбиркорлик субъектларининг ўрни салмоқли. Шу боис, кейинги йилларда бевосита Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур соҳага кенг эркинлик бериш, тадбиркорлик фаолиятини иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2014 йилнинг 1 июнидан шундай тартиб ўрнатилдики, бунда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб сайтларида чоп этилмаган, уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларини тартибга соладиган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузиш ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини қўллаш таъқиқланади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига янги мажбурият юклайдиган, юридик жавобгарликнинг янги турларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган пайтдан бошлаб 3 ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киради.
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувларидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари соҳа фаолиятини ҳар жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Қабул қилинаётган ушбу қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тадбиркорларимизнинг эркин ва қулай фаолият юритишлари учун манбаа бўлиб ҳисобланаётганлиги ҳақида тўхталдилар.
Учрашув жараёни ўзига хос баҳс – мунозара усулида ташкил этилиб, тадбирда иштирок этаётиган тадбиркорларга ва ёшларга тадбиркорлик фаолияти турлари ва йўналиши, ишни ташкил этиш ҳақида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ҳамда ушбу масала юзасидан барча иштирокчилар жараёнларда фаол иштирок этишиб, ўз мулоҳазаларини билдиришдилар.
Тадбир сўнгида мавзу доирасида қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.